Депутатлар халқ орасида: биносиз, боғчасиз маҳаллалар, ерсиз фермерлар…

Депутатлар халқ орасида: биносиз, боғчасиз маҳаллалар, ерсиз фермерлар...

Юртимиз фуқароларига муносиб турмуш шароити яратиш, сифатли таълим бериш ва тиббий хизмат кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши қилиб белгиланган. Бу борадаги ишларни ўз вақтида тизимли ҳамда самарали амалга оширишда жойларда амалга оширилаётган парламент назорат муҳим аҳамият касб этмоқда.
Анъанага мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг охирги ўн кунлигида ўз сайлов округларида бўлиб сайловчиларни ўйлантираётган муаммолар юзасидан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

IMG_1986.JPG

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев ўз сайлов округида сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганмоқда. Депутат Урганч туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактабида бўлганида муассасанинг жуда эскириб қолгани, бинонинг айрим қисмлари ўта таъмирталаблиги билан эътиборини тортди. Мактаб директори Дилором Пирназарова билан суҳбатлашилганда қуйидагиларни баён этди: Мактаб биноси 1969 йилда қурилган бўлиб, 536 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда ўқув муассасасида 1136 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шунингдек, мактаб спорт зали ҳам фойдаланиш учун талаб доирасида эмас. Немис ва инглиз тили дарсликлари етишмовчилиги ҳам долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Баён этилган муаммоларни депутат ўз назоратига олишини ва ижобий ечими юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровларини чиқаришини маълум қилди.
Депутатнинг навбатдаги учрашуви тумандаги Ғайбу қишлоғи “Шоҳидонлар” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан бўлди. “Шоҳидонлар” МФЙ раиси Мансур Абдуллаев фуқаролар йиғини ўз фаолиятини “Хожибойлар” МФЙдаги 3-умумий ўрта таълим мактаби биносида олиб бораётгани ҳамда МФЙ моддий-техник базаси тўғрисида гапирди. Айниқса, маҳалла аҳолисининг сони 5470 нафарга етиб белгиланган меъёрдан ошиб кетганини эътиборга олиб, яна битта янги МФЙ ташкил этишни ҳамда “Шоҳидонлар” МФЙ номини бошқа номга ўзгартириш таклифини берди. Маҳалла фуқароларидан Роман Отахонов, Комил Аллаёров, Қутлибика Собировалар маҳаллада биронта ҳам мактабгача таълим муассасаси барпо этилмагани, аҳолининг МТМга зарурияти борлиги, ички йўлларнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, айниқса, “Шайх Муҳаммад Румий” қабристонига маҳалладан ўтувчи 5 км. масофадаги ички йўлнинг ёғингарчиликда йўловчилар учун қийинчилик ва муаммолар туғдираётгани тўғрисида баён этишди. Қайд этилган муаммолар бўйича вилоят ҳокими Фарҳод Эрмановга депутатлик сўрови орқали мурожаат этилиши кўзда тутилди.

photo_2019-02-27_16-16-00.jpg

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадахўжаева Андижон тумани Оқёр қишлоғида яшовчи сайловчилар билан учрашувида тадбиркорлик ривожи ва тизимдаги муаммоларга эътибор қаратди. Муҳаммадсоли Комилов раҳбарлигидаги “Бек инвест” хусусий корхонаси 2013 йилда ташкил топган. Сифатли трикотаж маҳсулотлари билан ички бозорда ўз ўрнига эга. Корхонада 50 нафар хотин-қиз иш билан банд. Тадбиркорнинг яна янги лойиҳалар устида ишлаётгани депутатни қувонтирди. Уларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида ўз таклифларини билдирди.
Қишлоқдаги “Жаннат диёр меваси” фермер хўжалиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам қониқарли. Фермер Нодирбек Ҳасанов изланувчан ёшлардан. Чорвачиликни ривожлантириб, 110 бош йирик шохли қорамол парвариш қилмоқда. Иссиқхона ва мевали боғ ҳам ташкил этди.

photo_2019-02-27_17-14-38.jpg

Ишни янада ривожлантиришига ер муаммоси тўсқинлик қилмоқда. Чорва учун озуқа зарур. Шу масалада қилинган мурожаат М.Дадахўжаева томонидан назоратга олинди.
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Абдусатторов Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида бўлиб, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди.Дастлаб, тумандаги “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 850 хўжаликдан иборат Янгиобод қишлоғига ташриф буюрилганда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, коммунал хизмат кўрсатилиши, тоза ичимлик суви, газ, электр энергияси билан таъминланганлик даражаси, йўл инфратузилмаси ҳамда транспорт қатнови каби бир қатор ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги аниқланди. Мазкур қишлоқдаги 80-мактабнинг ҳолати ўрганилганда, айрим синф хоналарининг таъмирталаблиги ва синф жиҳозларининг етишмаслиги, тиббий хизматнинг қониқарли эмаслиги маълум бўлди.

photo_2019-02-27_16-18-41.jpg

Қишлоқда яшовчи Исматов Исатилла, Анвар Айматовлар томонидан тоза ичимлик сувининг мавжуд эмаслиги, электр энергияси билан таъминлаб турувчи симёғочлар етишмаслиги, мавжудларини ҳам янгисига алмаштириш лозимлиги юзасидан мурожаат қилинди. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида 2-сектор раҳбари, туман прокурори Раззоқов Самандарга қишлоқни тоза ичимлик суви ҳамда электр энергиясига бўлган таъминотини яхшилаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДПМатбуот хизмати